Россия Лондон судига 3 млрд долларлик қарз бўйича Украинага қарши даъво аризаси топширди, деб хабар бермоқда РИА “Новости” ахборот агентлиги.

Бу ҳақда Россия молия вазири Антон Силуанов маълум қилди.

"Бугун Россия молия вазирлиги Лондон Олий судига Украинадан 3 млрд долларлик қарзни ундириш ва Россиянинг суд харажатларини қоплаш мақсадида Украинага қарши даъво аризаси берди", деб айтди Силуанов.

Силуановнинг айтишича, Россия қарзнинг узилиши бўйича масалани суддан ташқари ҳал қилишга тайёрлигини бир неча бор таъкидлаган.

"Бироқ, афсуски, Украина нафақат биз, балки Халқаро валюта жамғармаси сўраганига қарамасдан, "кўнгилли" тарзда музокаралар олиб боришни истамади. Шунинг учун масалани ҳал қилишнинг ягона йўли – судга мурожааат қилиш бўлди ва биз буни қилдик", деб айтди Силуанов.

1 январда Россия молия вазирлиги Украина 3 млрд долларлик қарзини узиш бўйича дефолтга йўл қўйганини маълум қилганди.

Бу пуллар Украинанинг собиқ президенти Виктор Янукович ҳокимияти вақтида олинган. Украинанинг амалдаги раҳбарияти ушбу қарзни узишга шошилмаяпти.