Украинанинг Одесса вилояти губернатори Михаил Саакашвили Украинада 16 февралда олигархлар тўнтариши бўлганини айтди. Грузиянинг собиқ президенти бу ҳақда Facebook’даги саҳифасида ёзди.

"Кеча инқилобдан кейин ислоҳотлар бўлмаганда ҳар доим муқаррар юз берадиган нарса – эски тузумнинг реставрацияси юз берди. Мамлакатда олигархик тўнтариш бўлди. Оловранг инқилоб муваффақиятсизликларидан кейин ҳокимият тепасига Янукович келгандек, кеча Ахметов (Украинанинг энг бой одамларидан бири Ринат Ахметов – таҳр.) ва бошқа олигархлар ҳукуматни ўз овозлари билан қолдириб, яна вазият устидан назоратни ўз қўлларига олдилар", деб айтди Саакашвили.

Саакашвилининг фикрича, "Блок Петра Порошенко" президент фракцияси "Батькивщина" фракцияси ортидан парламент коалициясини тарк этиши керак. "Фракциянинг ҳукуматнинг истеъфога чиқарилишига овоз берган аъзолари ҳам коалициядан кетмайдиган бўлса, кечаги олигархик тўнтариш учун расман жавобгарликни ўз зиммаларига оладилар", деб таъкидлаб ўтди Саакашвили.

17 февралда Олий рададаги "Батькивщина" фракцияси ҳукмрон коалициядан чиқишини эълон қилди. 16 февралда парламент Арсений Яценюк бошчилигидаги ҳукуматга ишонч билдирмаслик резолюциясини қабул қила олмади. Ишонч билдирмасликни минимал 226 нафар талаб қилинган овозда 194 депутат қўллаб-қувватлади.

Аввалроқ шу куни Украина президенти Пётр Порошенко "ҳокимиятга ишончни тиклаш учун" Яценюкни истеъфога кетишга чақирганди.

15 февралда Михаил Саакашвили Арсений Яценюк фақатгина икки олигарх – Ринат Ахметов ва Игорь Коломойский қўллаб-қувватлаши эвазигина ўз лавозимида қолиши мумкинлигини айтганди.