Туркия пойтахти Анқарада содир этилган теракт қурбонлари сони 20 нафардан ошиб кетди, жароҳатланганлар 61 нафарни ташкил қилмоқда. Бу ҳақда Анқара губернатори Мехмет Қиличлар маъмуриятига иқтибос келтирган ҳолда NTV телеканали хабар берди.

Миналаштирилган автомобиль Анқаранинг Қизилой туманидаги чорраҳада маҳаллий вақт билан соат 18:31 да портлатилган. Бу теракт светофорнинг қизил чироғига Туркия қуролли кучлари бош штаби ҳарбийларини олиб кетаётган транспорт воситаси тўхтаганда содир этилган.

Теракт сабабли Туркия бош вазири Аҳмет Довудўғлу 18 февралга белгиланган Брюсселга сафарини қолдирди. Яқин соатларда Туркия хавфсизлик кенгашининг шошилинч йиғилиши бўлиб ўтиши кутилмоқда.