Физик ва ошпаз Натан Мирвольд 2015 йил сентябрда аниқланган макон-замон "жимирлаши"ни – гравитацион тўлқинни тақлид қилувчи конструкцияга эга, шўрва учун антиқа ликопчани лойиҳалади. Бу ҳақда Popular Science нашри маълум қилди.

Ошпаз ошпазлик соҳасида гравитацион тўлқинларнинг спирал бурмаланишини яратишни ўз олдига мақсад қилиб қўйди. Унинг ғояси бўйича, иккита спирал ариқча иккита шўрва учун идиш бўлиб хизмат қилиш керак. Мирвольд Wolfram’s Mathematica ҳисоблаш тизими ёрдамида иккита қора туйнукнинг бирлашишидан олдинги гравитацион тўлқинларни тақлид қилувчи математик моделни қурди. Сўнгра модель алюминийдан ясалган уч фазоли конструкцияга айлантирилди, унинг асосида гипсдан қолип ясалди. Шўрва учун ликопчаларни бу қолиплар бўйича сиэтллик кулол ясади.

Гравитацион тўлқинлар 2015 йил 14 сентябрда АҚШнинг Ливингстон ва Хэнфорд шаҳарларида жойлашган иккита эгизак лазер интерферометрик гравитацион-тўлқинли обсерваторияларда қайд қилинганди.

Тўлқинлар иккита қора туйнукнинг (Қуёшдан 29 ва 36 марта оғирроқ) анча каттароқ айланувчи гравитацион объектга (Қуёшдан 62 марта оғирроқ) бирлашишидан олдинги охирги сониянинг бир неча улушларида ҳосил қилинган. Бу икки туйнук 1,3 млрд йил аввал бирлашган. Гравитацион тўлқин Ерга етиб келиши учун айнан шунча вақт керак бўлган.