Google раҳбари Apple’нинг сан-бернардинолик террорчининг телефонини очишдан бош тортганини қўллаб-қувватлади

Жаҳон 18 Февраль 2016 1558

Google компаниясининг бош директори Сундар Пичаи АҚШ Федерал қидирувлар бюроси ходимларига мобиль қурилмадаги ҳимояни четлаб ўтишга имкон берувчи дастурни бермагани учун юзага келган баҳсда Apple’ни қўллаб-қувватлади. Пичаи бу ҳақда твиттердаги микроблогида ёзди.

"Компанияни қурилмани очиш имкониятини беришга мажбурлаш фойдаланувчилар ҳақидаги махфий маълумотни ҳимоялашга хавф солиши мумкин", деб ёзди Пичаи.

Пичаининг айтишича, компаниялар "ўз мижозлари ҳақидаги маълумотнинг сир сақланишини таъминлаш учун хавфсиз маҳсулотлар яратади ва уларга кириш фақатгина қонун доирасида берилади".

"Бироқ бу мижозларнинг қурилмаларини бузиб киришга имкон беришдан умуман фарқ қилади ", деб айтди Пичаи ва бу "хавотирли ўрнак" бўлиши мумкинлигини таъкидлади.

Аввалроқ Оқ уй Apple’нинг бош директори Тим Кук сан-бернардинолик террорчининг телефонига кириш масаласида Федерал қидирувлар бюроси билан ҳамкорлик қилишдан бош тортгандан кейин зарур ёрдамни тақдим қилишни сўраб компанияга мурожаат қилган.

2015 йил декабрда Сан-Бернардино шаҳрида уюштирилган отишма оқибатида 14 киши ҳалок бўлганди, 17 киши яраланганди. Ҳужумни Саид Ризуан Фаррук ва Ташфен Малик амалга оширган. ФҚБ улардан бирининг телефонини очишга уринмоқда.

Кўпроқ янгиликлар