Жиззахда Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси, Ўзбекистон балиқчиликни ривожлантириш илмий-тадқиқот маркази, “Ипотекабанк” акциядорлик тижорат банки ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида балиқчилик тармоғини янада ривожлантириш масалаларига бағишланган семинар ўтказилди.

Мутахассислар, экологлар, балиқчилик хўжаликлари раҳбарлари, янги лойиҳалар ташаббускорлари иштирок этган тадбирда тармоқдаги илғор тажрибалар, интенсив балиқ етиштириш асослари ва унинг афзалликлари муҳокама қилинди, деб хабар беради Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги.

Айтиш керакки, энг йирик табиий сув ҳавзаларидан бўлган Айдар-Арнасой кўллари тизимининг каттагина қисми вилоят худудида жойлашган. Мазкур табиий кўл бойликларидан самарали фойдаланиш ва сунъий сув ҳавзалари барпо этиш бўйича вилоятда янги истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Маълумотларга кўра, Жиззах вилоятида фаолият кўрсатаётган 180 балиқчилик хўжалиги томонидан 2015 йилда 10 минг 850 тоннадан ортиқ маҳсулот етиштирилган.