Техас штатидан АҚШ президентлиги учун сайловда номзод бўлган сенатор Тед Круз агар АҚШ Башар Асадни тахтидан ағдарса, ИШИД Сурияни эгаллаб олишидан хавотирланмоқда.

"Америка Қўшма Штатлари ўз кучларини Суриядаги ИШИД террористик гуруҳини енгишга қаратиши лозим, Яқин Шарқ мамлакатлари ҳокимиятига аралашиш ва уларни тўнтаришга эмас", дейди Круз.

Унинг фикрича, Суриянинг катта қисмини эгаллаб олган ИШИД АҚШ учун улкан хавф туғдиряпти.

“Фуқаролик урушларига бурнимизни суқмасдан, Американинг душманларига эътиборимизни қаратишимиз ва ИШИДни бутунлай йўқ қилишимиз лозим”, -дейди сенатор.

Унингча, Вашингтон Сурияда жангариларни енгиш учун ҳаво ҳужумларини кучайтириши ва курдларни қурол билан таъминлаши жоиз.

“Бизнинг армиямиз бизни ҳимоя қилиши ва миллий хавфсизликни таъминлаши лозим”, -фикрини давом эттирди сиёсатчи.

Республикачилар қароргоҳида АҚШ президентлигига олти сиёсатчи даъвогарлик қиляпти: миллиардер Дональд Трамп, Техас сенатори Тед Круз, Флорида сенатори Марко Рубио, Флориданинг собиқ губернатори Жеб Буш, Огайо губернатори Жон Кейсик, нейрохирург Бен Карсон.

Республикачилардан президентликка охирги номзод Огайо штати Кливленд партия съездида шу йилнинг 18-21 июль кунлари маълум бўлади. Президент сайлови эса 8 ноябрьда бўлиб ўтиши белгиланган.