"Рома" жамоаси бош мураббийи Лучано Спаллетти ЕЧЛнинг нимчорак финалида "Реал"га қарши кечган баҳсдан кейин (0:2) журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди.

"Рома" мухлислари бугун юқори савиядаги ўйин гувоҳи бўлишди. Ўйин охирида улар футболчиларни олқишлашди, бу бизнинг катта иштиёқ билан ўйнаганимизни кўрсатади.

"Реал"да юқори савиядаги футболчилар жамланишган. Уларга 1 метр бўш жой қолдирсанг, бу жой ўз-ўзидан 1 километрга айлантирилади. Бизда эса эркин ҳаракат қилиш имкони деярли бўлмади.

Биз ўйин давомида ўз дарвозамиз томонида қолишга мажбур бўлдик. Қарши ҳужумлар жуда ортдан бошланди ва бу яхши натижага олиб келмади. Футболчиларим майдон бўйлаб тенг тақсимотга эриша олишмади.

Биз иккинчи таймни яхши ўтказдик. Лекин рақибнинг ярим ҳимоя чизиғи ҳам кучли эди. Тўпни эгаллаганимиздан кейин уни узоқ вақт ўзимизда сақлаб туришнинг иложи бўлмади.

Айтишим мумкинки, жамоанинг ўйинидан қониқиш ҳосил қилдим. Баъзи вазиятлар устида яна иш олиб борамиз. Биз тўғри йўлдан кетмоқдамиз", дейди мураббий.