Венесуэла президенти Николас Мадуро мамлакатда бензин нархлари кўтарилиши ҳақида маълум қилди. Бу ҳақда El Nacional хабар берган.

Унинг маълум қилишича, 91 маркасидаги бензиннинг 1 литри нархи 1 боливарга, 95 маркасидаги бензиннинг 1 литри нархи 6 боливарга кўтарилади. Янги нархлар 19 февраль кунидан амалда бўлади.

Президентнинг қайд этишича, янги нархлардан кейин ҳам Венесуэладаги бензин "дунёнинг энг арзон бензини" мақомини сақлаб қолади. "Бу вазиятни барқарорлаштириш учун қўлланган чора", дея маълум қилган Мадуро.

Венесуэла раҳбарининг қўшимча қилишича, янги нархлар эвазига олинган даромаднинг 30 фоизи транспорт соҳаси учун кредит шаклида йўналтирилади.

Бундан олдин Венесуэладаги Порламар сайёҳлик агентлиги вакили Ольга Смирнова бу мамлакатда 95 маркасидаги бензиннинг 40 литрини 2 рублга тенг қийматга сотиб олиш мумкинлигини билдирганди.

Николас Мадуро миллий валютанинг бирданига 58,73 фоизга девалвация қилиниши ҳақида эълон қилган.