Шу кунларда Даниянинг Heimdal компанияси мутахассислари Android қурилмаларига ҳужум қилувчи янги хавфли вирус ҳақида хабар берди.

У Mazar номини олган. Мутахассисларнинг фикрига кўра, оддий смс орқали тарқатиладиган бу вирус администратор иикониятларини қўлга киритиб, пуллик қўнғироқлар қилиши, смс жўнатиши, телефон эгасининг шахсий маълумотларини жўнатиши ва қурилма хотирасидаги маълумотларни ўчириб юбориши мумкин. Экспертлар фикрига кўра, Даниянинг ўзида 100 мингдан ортиқ фойдаланувчи вирусли смсни қабул қилишган.

Mazar sms орқали тарқатилиб, унда мултимедияли хабарга илова берилган бўлади. Иловага босилиши билан Tor браузерини махфий юклаб олиш амали бажарилади. Tor орқали эса мобил қурилма хотирасига вирус ўрнатилади.

Экспертлар таъкидлашича, вирус Android`нинг эски (Android 5.0 гача) версия операцион тизими ўрнатилган қурилмаларга хавфли бўлиши мумкин. Mazar`дан ҳимояланиш учун фойдаланувчилар дастурларни нотаниш манбадан ўрнатишни тақиқлаб қўйсалар кифоя.

Бундан ташқари, янги вирус асосий тил сифатида рус тили танланган телефонларда ишламайди.