Мамлакатимиз жамоатчилиги оғир жудоликка учради. Ўзбекистон фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармаси Марказий кенгаши раиси Эркин Жўраевич Боқибоев 82 ёшида вафот этди.

Э.Боқибоев 1934 йилда Тошкент шаҳрида хизматчи оиласида туғилган. 1957 йилда Тошкент молия-иқтисод институтини (ҳозирги Тошкент давлат иқтисодиёт университети) тамомлаган. У Халқ банкининг Фарғона вилояти Олтиариқ тумани бўлимида иқтисодчи бўлиб иш бошлаган. Кейинчалик бўлим бошқарувчиси, банкнинг Сирдарё вилояти бошқарувчиси ўринбосари, «Ўзагросаноатбанк» бошқаруви раиси, Марказий банк раиси, молия вазири сингари масъул лавозимларда самарали меҳнат қилган. 1999 йилдан умрининг охиригача «Нуроний» жамғармасининг Марказий кенгаши раиси сифатида фаолият кўрсатди.

Э.Боқибоев Ўзбекистонда хизмат кўрсатган иқтисодчи фахрий унвони, «Дўстлик», «Эл-юрт ҳурмати», «Меҳнат шуҳрати» орденлари билан мукофотланган эди.

Сайт жамоаси марҳумнинг яқинларига чуқур ҳамдардлик билдиради.