17 февралда Анқарада юз берган терактдан кейин дастлабки соатларда туркиялик интернет фойдаланувчилар ижтимоий тармоқларга киришда қийинчиликлар сездилар. Бу ҳақда Hurriyet нашри хабар бермоқда.

Нашрнинг таъкидлашича, кўпчилик фойдаланувчилар ижтимоий тармоқларнинг ишлаш тезлиги пасайиб кетгани, гўёки атайлаб шундай қилинганидан шикоят қилишган. Техник жиҳатдан Туркияда буни амалга оширишнинг имкони мавжуд ва бу имкониятдан фойдаланилган бўлиши мумкин.

Нашр маълумотларига кўра, мамлакат аҳолиси фейсбук ва твиттер каби ижтимоий тармоқлар билан ишлашда қийинчиликларга дуч келганлар. Бироқ нашр ижтимоий тармоқларнинг тезлиги чекланиши айнан терактлар сабабли амалга оширилганини тасдиқламаган.

Бироқ Туркияда интернетни бошқариш, жумладан фойдаланувчилар, хусусан журналистларни чоп этилаётган маълумотлар учун блоклаш ёки ҳибсга олиш каби ҳолатлар учраб туради.