Саудия Арабистони нефть нархини ошириш мақсадида уни қазиб олиш даражасини камайтиришни рад этди. Бу ҳақда Саудия Арабистони ташқи ишлар вазири Одил ал-Жубайр маълум қилди. У Саудия Арабистони нефть қазиб олиш даражасини жорий даражада музлатиб қўйишга рози бўлганини, бироқ унинг ҳажмини камайтирмоқчи эмаслигини айтди.

"Нефть нархи бозордаги таклиф ва талаб билан белгиланади. Саудия Арабистони бозорнинг ўз улушини ҳимояламоқчи", деб айтди вазир.

16 февралда Саудия Арабистони ва Россия нефть қазиб олиш даражасини 2016 йил январидаги даражада музлатиб қўйишга келишиб олганди. Россия энергетика вазири келишув агар унга қолган нефть қазиб олувчи давлатлар кўшилсагина амал қилишини айтган. Бу ташаббусни Венесуэла, Қатар ва Кувайт қўллаб-қувватлади. Эрон эса бозор ва нефть нархини барқарорлаштиришга қаратилган чораларни қўллаб-қувватлашини айтган, бироқ ўз зиммасига аниқ мажбуриятларни олмаган.

18 февралда Лондондаги савдоларда Brent маркасидаги нефть 34 доллардан сотилган. Нефть нархи 2015 йил охири-2016 йил бошида кескин арзонлашиб кетганди.