Туркия бош вазири Аҳмад Довудўғли 17 февраль куни кечаси Анқарада юз берган теракт суриялик 24 ёшли Салиҳ Насар томонидан содир этилгани ҳақида маълум қилди. Бу ҳақда Рейтер агентлиги хабар тарқатган.

Бош вазирнинг айтишича, бу худкуш террорчи Туркияда фаолияти тақиқланган курдларнинг "Халқ мудофаа кучлари" ташкилоти аъзоси бўлган.

Манбанинг ёзишича, бу жосус "Курдистон Ишчи партияси" билан ҳам алоқада бўлган.

Бундан олдинроқ, туркиялик юқори мартабали амалдорлардан бири бу террорчи Туркия ҳудудига 2014 йилнинг июлида кириб келгани ва ўтган вақт давомида терактга тайёрлангани ҳақида маълумот мавжудлигини айтганди.

Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған бу Анқара терактига алоқадорликда гумонланиб, 14 кишининг ҳисб қилингани ҳақида маълумот берган.

Эслатиб ўтамиз, 17 февраль куни Анқара марказидаги ҳарбийлар ётоқхонаси олдида автомобилга ўрнатилган бомба портлаши натижасида 28 киши ҳалок бўлди ва 61 киши жароҳатланди.