Россиянинг Саратов вилояти ҳудудида украиналикларнинг Ўзбекистонга келаётган 12та юк машинаси тўхтатиб қолинган. Бу ҳақда Давлат йўлларини назорат қилиш бошқармасининг вилоят бўйича бўлими раҳбари ўринбосари Вячеслав Ларионов маълум қилган.

Унинг аниқлик киритишича, украиналик ҳайдовчилар Саратов яқинидаги меҳмонхонага жойлаштирилган.

"Ҳайдовчилар эркин ва улар истаган жойларига кетиши мумкин. Улар турли юкларни ташиш билан машғул бўлишган. Масалан Ўзбекистондан Украинага қуруқ мевалар олиб кетишган. Ортга эса саноат буюмлари олиб қайтишган. Машиналарда бирида автомобиль шиналарини кўрдим", дейди у ва юк машиналари Россия транспорт вазирлиги тақиқи бўйича ушлаб қолинганини қўшимча қилиб ўтган.

15 февраль куни Россия транспорт вазирлиги Украинада рўйхатдан ўтган юк машиналарининг Россия ҳудудида ҳаракатланишини тақиқлади. Бунга Россия юк машиналарининг Украинада ҳаракатланишига тўсқинлик бўлаётгани сабаб қилиб кўрсатилганди.

Шу куни Украина ҳукумати ҳам мамлакат ҳудудида Россия юк машиналарининг транзит ҳаракатланишига вақтинчалик тақиқ жорий этди.

17 февраль куни Россия ва Украина юк автомобилларини мамлакатига қайтариш тўғрисида келишиб олди. Унга кўра «Уйга қайтиш» тартиби 16 февралдан 25 февралгача амалда бўлади.

16 февраль куни Украинада Ўзбекистон билан эркин савдо зонаси яратиш тўғрисидаги қонун ратификация қилинганди.

Ҳужжатга илова қилинган хатда кўрсатилишича, баённоманинг кучга кириши билан 2011 йил 18 октябрдаги Ўзбекистон ва Украина ўртасида имзоланган эркин савдо зонаси тўғрисидаги келишувнинг барча бандлари баённомада кўрсатилган шартлар инобатга олинган ҳолда амал қила бошлайди.

Эркин савдо зонаси тўғрисидаги баённомада Ўзбекистон Украина молларидан импорт ва экспорт божлари ундирмаслиги кўрсатилган.