Февраль ойи Ўзбекистонда миллий адабиётнинг икки йирик вакили Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобурга аталади. Бутун республика бўйлаб турли анжуман ва тадбирлар давом этмоқда. Кеча, яъни 18 февраль куни соат 19-00да муҳташам “Истиқлол” санъат саройида “Назм ва наво” деб номланган жонли ижродаги концерт дастури ўтказилди.

Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ҳамда Ёшлар маданият ва санъат маркази томонидан ташкил этилган кечада таниқли шоир ва ёзувчилар, санъаткорлар ҳамда мақом ансамбли иштирок этди.

Шуҳрат Қаюмов ва Дилноза Кубаева олиб борган концерт дастурида Муножат Йўлчиева, Замира Суюнова, Матлуба Дадабоева, Ғуломжон Ёқубов, Шуҳрат Қаюмов, Элмурод Ашуралиев, Адолат Исмоилова, Ҳилола Ҳамидова, Малика Эгамбердиева, Бахром Назаров, Абдурашид Йулдошев, Алишер Файз ва бошқа хонандалар Навоий ҳамда Бобур ғазалларига басталанган қўшиқларни ижро этди. Концертга келган қўшиқ ихлосмандлари жонли ижро завқидан баҳраманд бўлди.

Шунингдек, актёр Меҳриддин Раҳматовнинг Навоий образида, Фатхулла Маъсудовнинг Бобур образидаги чиқишлари, ўқиган ғазаллари санъат саройига 15 аср руҳини олиб кирди.