Бугун, 19 февраль куни таниқли футбол шарҳловчиси, Ўзбекистон спорти фахрийси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи Ахбор Имомхўжаев 80 ёшга тўлди.

Ахбор Имомхўжаев - Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи, Шуҳрат медали соҳиби, "Олтин қалам" миллий мукофоти лауреати.

У 1936 йилнинг 19 февралида туғилган. Ўзбек спорт журналистикасининг отахони. Ўзбекистон телевидениеси тарихида ўзбек тилида футбол учрашуивини шарҳлаган биринчи спорт шарҳловчиси (1961 йил 20 апрель. "Пахтакор"  Тошкент - ЦСКА Москва).

Бугун Ахбор аканинг 80 йиллик юбилей тадбири Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши ҳамда Ўзбекистон футбол федерацияси фахрийлар кенгаши ташаббуси билан Ўзбекистон миллий параалимпия ассоциацияси мажлислар залида ташкил этилди. Тадбирда Ўзбекистон футбол федерацияси, Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси, Ўзбекистон улоқ кўпкари федерацияси, "Нефтчи" (Фарғона) ва "Локомотив" (Тошкент) футбол клублари вакиллари, футбол фахрийлари, Ўзбекистонда хизмат курсатган мураббийлар Наримон Жалолов, Рустам Акрамов, Биродар Абдурайимов, Юрий Саркисян, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спортчилар Миржалол Қосимов, Игорь Шквирин,  Азамат Абдурайимов, Илҳом Шарипов, Асад Дўрмонов иштирок этишди. Шунингдек, тадбирда от спорти буйича жаҳон кубоги ғолиби Жўрақўзи Турдиматов, Миллий олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Қосимов, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институти кафедра мудири Раҳмон Нуримов иштирок этишди.

Kun.uz сайти таҳририяти устоз журналист Ахбор Имомхўжаевни таваллуд айёмлари билан табриклайди. Устозга узоқ умр, сиҳат-саломатлик тилаймиз.