Финляндиянинг Лахти шаҳрида 13 ёшли ўсмир дўкондан ичида газли ичимлик ўрнига пиво бўлган Pepsi Max сотиб олди. Бундай "ҳангама"га маҳаллий Hartwall компанияси бир соат давомида газли ичимлик ўрнига пиво қуйгани сабаб бўлган.

Ҳаммаси бўлиб сотувга Karjala пивоси қуйилган бундай "Пепси"лардан 150 га яқин банка чиқиб кетган бўлиши мумкинлиги таъкидланмоқда.  

"13 ёшли бола ичимликни ичганда ширин таъм ўрнига ачимтиқ таъмни сезган. Аниқланишича, банкада пиво бўлган", деб айтилмоқда фин телекомпанияси хабарида.

Hartwall компанияси матбуот хизмати бошлиғи Тайн Лампел-Хелиннинг айтишича, бунга инсон омили сабаб бўлган. "Сархуш қилувчи" газли ичимлик партияси сотувдан қайтариб олинмоқда.