18 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан иқтисодиёт тармоқлари учун АКТ соҳасида кадрлар тайёрлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларга бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди.

Тадбирда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг ўринбосари Алишер Файзуллаев, Тошкент ахборот технологиялари университетининг (ТАТУ) ректори Ўткир Ҳамдамов ва Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ректори (IUT) Шерзод Шерматовлар иштирок этишди.

IUT ректори Шерзод Шерматов тақдимоти давомида университет қошидаги Инновациялар ва саноат кооперациялари маркази очилгани ҳақида маълумот берди.

Марказ университетнинг илмий-тадқиқот ва инновацион салоҳиятини ошириш, илмий ишланмаларнинг ҳаётга татбиқ этилиши юзасидан ҳамкорлик қилиш, университет талабаларини дастурий маҳсулотлар яратишга жалб қилиш, илғор ғояларни ички ва халқаро бозорга олиб чиқишни рағбатлантириш орқали уларнинг илмий кўникмаларини ривожлантириш, назарий билимларни амалиётга татбиқ этишларига кўмаклашади.

Марказ маҳаллий ва халқаро компания, ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиб, АКТ соҳасида муҳим лойиҳаларни амалга оширади. Муҳим жиҳати шундаки, бу лойиҳаларни ишлаб чиқишга Тошкент шаҳридаги Инҳа университети талабалари жалб қилинади.

Тадбир давомида IUT талабалари томонидан яратилган бир қатор маҳсулотларни ҳам иштирокчиларга тақдим этилди.