Эрон жорий йилнинг июнь ойидан бошлаб оғир нефтнинг янги навини сотишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда 18 февралда Bloomberg агентлиги маълум қилди.

Агентлик маълумотларига кўра, Эрон миллий нефть компанияси (NIOC) бундай нефтни март ойида сотишни бошламоқчи бўлган, бироқ харидорларга маҳсулот сифатини синовдан ўтказиш учун кўпроқ вақт бериш мақсадида буни кейинроққа қолдирди. Оғир нефтнинг янги нави Ироқ чегараси яқинидаги Ғарбий Карун ҳудудининг нефть сақловчи майдонларидан қазиб олинади. NIOC ҳозирча янги нефть навига ном бермади ҳамда бу нефтдан қандай миқдорда сотишини маълум қилмади.

Эронда 2015 йилда ўртача нефть қазиб олиш ҳажми кунига 2,8 млн баррелни ташкил қилган. Январда 1,5 млн баррель нефть, февралда эса 1,44 млн баррель нефть экспорт қилинган. Bloomberg маълумотларига кўра, Эрон март ойи охиригача қазиб олинадиган нефть ҳажмини кунига 500 минг баррелга оширмоқчи.

Эрон нефть вазири Бижон Номдор Зангонийнинг айтишича, Эроннинг бош мақсади нефть ҳажмини 2012 йилда санкциялар киритилган давргача бўлган миқдорга етказишдан иборат. Ўшанда Эрон кунига 3,6 млн баррель нефть қазиб олган. Эрон нефть қазиб олиш ҳажми бўйича ОПЕКнинг 2-рақамли аъзоси ҳисобланади.