АҚШ президенти Барак Обаманининг маъмурияти Пентагоннинг Ливиядаги ИШИД жангарилари устига бомба ёғдириш бўйича режасига қарши чиққан. Бу ҳақда The Daily Beast хабар тарқатган.

Қайд этилишича, АҚШ Мудофаа вазирлиги, хусусан АҚШ Қуролли кучларининг Африка бўйича бошқармаси Оқ уйни Ливиянинг Сирта туманидаги жангариларга ҳаво зарбалари беришга ундаган. Бу ҳудуд 2015 йилнинг ёзидан буён ИШИД назорати остида қолмоқда. Бошқарманинг маълум қилишича, бу ҳудуд ИШИДнинг Африкадаги маркази ҳисобланади ва унинг ташкилот учун аҳамияти Ироқдаги Мўсул ҳамда Суриядаги Раққа каби муҳимликка эга.

Пентагон режасига кўра, АҚШ Ҳарбий Ҳаво кучлари ИШИДнинг ресурс базаларини йўқ қилиши, қуруқликда ҳаракатланувчи ҳарбийлар эса маҳаллий жангариларга қарши очиқ жанглар олиб бориши кўзда тутилган. Вашингтон эса дронлар орқали фақат ИШИД етакчиларига зарба бериш билан кифояланишда давом этишни таклиф қилган.

Расмий маълумотларга кўра, Ливияда айни вақтда ИШИДнинг 5 минг нафарга яқин жангариси турибди. Мудофаа вазирлиги тахминига кўра, Ироқ ва Сурияда вазият ёмонлашгач, ИШИД жангарилари Ливияга кўчиши кучаяди.

Бундан олдинроқ, Барак Обама АҚШ ИШИДнинг Ливиядаги таъсири кучайтирилишига йўл қўймаслиги ҳақила маълум қилганди.

NYT: АҚШ самолётлари ИШИДнинг Ливиядаги базаларига зарба берди