Шу кунларда бир гуруҳ ўзбекистонлик тадбиркорлар Европа компанияларида малака оширишмоқда. Бу ҳакда 1news.uz янгиликлар агентлиги раҳбари Шуҳрат Орипов kun.uz учун Афинадан хабар бермоқда.

Малака ошириш тадбирлари Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва Европа Иттифоқи ҳамкорлигида 2013 йилдан буён амалга ошириб келинаётган "Бошқарув кадрларини тайёрлаш Дастури - Ўзбекистон кичик ва ўрта бизнес корхоналари раҳбарларининг салоҳиятини мустаҳкамлаш" лойиҳаси доирасида амалга оширилмоқда. Лойиҳанинг асосий мақсади - кичик ва ўрта бизнес корхоналарини самарали бошқариш учун юқори малакали тадбиркорлар ва менежерлар сонини ошириш (инсон капиталини ривожлантириш) ва уларнинг узоқ муддатли жадал ривожланишини таъминлаб беришдан иборат.

Шу кунгача лойиҳа доирасида 100 га яқин тадбиркор малака ошириш учун танлаб олинди. Уларнинг бир гуруҳи февраль-март ойлари давомида Европа компанияларида бўлишиб, европалик ҳамкасблари билан ўзаро тажриба алмашади, замонавий бошқарув усулларини ва иш юритиш шаклларини ўрганишади. Бу эса мамлакатимиз ишбилармонларига Европадаги корхоналар билан алоқалар ўрнатиш ва ўз рақобатбардошлигини, бизнес юритиш кўникмаларини оширишга кўмаклашади.