"Вашингтон Кэпиталс" хоккей клуби ва Россия терма жамоаси ҳужумчиси Александр Овечкин 20 февралда германиялик боксчи Феликс Штурм билан жанг қиладиган россиялик чарм қўлқоп устаси Фёдор Чудиновга қўллаб-қувватлаш сўзларини йўллади.

30 ёшли хоккейчи Чудиновга йўлланган видеомурожаатни Instagram ижтимоий тармоғидаги ўз саҳифасида чоп этди. Бунда Овечкин "Фенербахче"га қарши ўйиндан кейин Путин сурати туширилган футболкасини намойиш қилган "Локомотив" футболчиси Дмитрий Тарасовдан ҳам ўтиб кетиб, Россия президенти Владимир Путин ва мудофаа вазири Сергей Шойгунинг расми туширилган футболка кийган ҳолда кўриниш берди.

"Барчага салом! Бу Александр Овечкин. Мен эртанги жангда ўзининг чемпионлик унвонини ҳимоя қиладиган Фёдор Чудиновни қўллаб-қувватламоқчиман. Унга ғалаба, омад тилаб қоламан ва шуни билишини истайман: бутун Россия унга мухлислик қилади", деб айтди Овечкин.

20 февралда 28 ёшли россиялик боксчи WBA версияси бўйича иккинчи ўрта оғир вазн тоифасидаги ўзининг чемпионлик унвонини Германиянинг Оберхаузен шаҳрида Штурмга қарши жангда ҳимоя қилади.

2015 йилнинг 9 майида Чудинов бу унвонни айнан Штурмга қарши жангда очколар бўйича қўлга киритганди.

Чудинов профессионал боксда ҳаммаси бўлиб 14 та жанг ўтказган ва уларнинг барчасида ғалаба қозонган.

Эслатиб ўтамиз, Москванинг "Локомотив" клуби футболчиси Дмитрий Тарасов Европа Лигасининг 1/16 босқичида Туркиянинг "Фенербахче" клубига қарши ўйиндан кейин майдонда Путин расми туширилган футболкасини намойиш қилганди.