АҚШ Ироқ ва Сурия ҳудудида ИШИД жангариларига қарши ҳарбий амалиётларда иштирок этаётган B-1B Lancer русумли бомбардимончи самолётларини ортга чақириб олади. Бу ҳақда АҚШ Қуролли кучлари таркибидаги ҳарбий амалиётлар ўтказаётган Ҳарбий ҳаво кучлари бўлимига масъул генерал-лейтенант Чарльз Браунга асосланиб, Military.com сайти хабар берган.

Унинг айтишича, B-1B Lancer самолётлари номаълум вақтгача Яқин Шарқдаги ҳарбий амалиётларда иштирок этмайди. Самолётлар учувчилар кабиналарини модернизация қилиш мақсадида АҚШга қайтарилмоқда. Керакли ишлар амалга оширилганидан сўнг самолётлар яна Яқин Шарққа жўнатилади.

"Биз B-1B Lancer самолётларини ортга қайтарамиз, лекин бошқа самолётларимиз кампанияда иштирок этишда давом этади. Бу самарали фаолиятга таъсир кўрсатиши мумкин, лекин кейинроқ янада самарали ишлашни таъминлаш учун шундай қилмоқдамиз", деган генерал-лейтенант.