2015 йилнинг октябрида Калифорниянинг Мохава чўлидаги Ўлим водийси миллий боғ ҳудудида бу ерга хос бўлмаган ноодатий мўл-кўл ёмғир ёққани сабабли бу ердаги тупроқ шунчалик сув билан тўйиндики, кун исигандан ва узайгандан кейин водийда турфа гуллар гуллашни бошлади. Бундай ҳолат 10 йил ичида биринчи марта кузатилди.

Бу ерда биринчи гуллар ўртача ҳаво ҳарорати ҳали манфий даражада бўлган январдаёқ ниш ургани кузатилганди. Февралда ҳарорат 0 градусгача кўтарилди ва яна бир марта ёмғир ёққандан кейин ўсимликлар фаол ўса бошлади.

Боғнинг жанубий қисмидаги гуллар водийнинг қолган ерларига ҳам тарқала бошлади ва уни сариқ, тўқ қизил ва кўк ранглар билан қоплай бошлади. Баъзи гулларнинг ғунчалари фақат икки соатгагина очилади, шунинг учун иложи борича кўпроқ гуллаётган ўсимликларни кўриш учун бу ерга ташриф буюрувчиларга ўз саёҳатларини шунга қараб режалаштиришлари керак бўлади.

Бу ерда 17 февралда ҳаво ҳароратининг максимал даражаси 31-32 даражага кўтарилди, кўпгина ўсимликлар барқ уриб, уруғ тугди. Бироқ водийда анчадан бери ёмғир бўлмагани сабабли, боғ вакиллари яқин орада ўсимликлар нобуд бўлиши мумкинлигини тахмин қилишмоқда.

11 февралда Ўлим водийси миллий боғи бу ерда камдан-кам кузатиладиган "супергуллаш"га бағишланган видеони чоп этди.

Ўлим водийси ўзининг номини Олтин талвасаси вақтидаёқ олган, ўшанда бу ерда олтин ва кумуш олинган. Ҳозирда сайёрамизнинг энг иссиқ ҳудудларидан бирида миллий боғ жойлашган. Бу ерда июль ойида тунлари ўртача 31°С иссиқ бўлади.

Водийда аввалги бундай мўл гуллаш 2005 йилда кузатилганди.