Испаниянинг «Сельта» клуби ҳужумчиси Нолито фаолиятини Каталониянинг «Барселона» клубида давом эттиради.

Sports.es нашри берган маълумотга кўра, галисияликлар раҳбарияти қишки трансферлар пайтида 29 ёшли футболчини «Барселона»га кейинчалик сотиб олиш ҳуқуқи билан ижарага беришдан бош тортганди. Аммо «Сельта» ёзда футболчини унинг шартномасида кўрсатилган 18 миллион евро товон пулидан ҳам арзонроққа сотишга розилик берган.

Ўз навбатида, каталонияликлар ҳам футболчи учун ёзда пул сарфлашга тайёр бўлиб туришибди. Нолитонинг узоқ муддатга сафдан чиққани учун ҳам трансфернинг ёзда амалга ошишига сабаб бўлиб хизмат қилади.

«Кўк-анорранглилар»нинг ёздаги энг асосий мақсади жамоанинг асосий таркибига мос марказий ҳимоячи сотиб олиш бўлиб турибди. Шунингдек, клуб ҳужумни орқа чизиқдан қўллаб-қувватлаши мумкин бўлган, захирадан бўлсада майдонга тушишга рози бўлган футболчи харид қилишни ҳам истамоқда.

Бош мураббий Луис Энрикенинг фикрича, Нолито бу борадаги энг яхши вариант ҳисобланади. 45 ёшли мутахассис бошқа номзодларни кўриб чиқишни истамаяпти.