2009-2011 йиллар давомида Англиянинг "Халл Сити" жамоаси шарафини ҳимоя қилган собиқ футболчи Жимми Буллард ўзаро шартномада рақамлар хато ёзилиб қолгани туфайли ҳафтасига қўшимча 15 минг фунт стерлинг маош олган.

У 2009 йилда "Фулҳэм"дан 5 млн фунт эвазига харид қилинган ва у билан ҳафтасига 40 минг фунт стерлинг тўлашни назарда тутувчи 4,5 йиллик шартнома имзолаганди. Шартномадаги хатолик туфайли футболчи ҳафтасига 55 минг фунтдан олиб борган ва у 2011 йилгача жами 5,5 млн фунт маош олган ва шундан 1,5 млн фунти (2 млн доллар) "осмондан тушган совға" каби бўлган.

"Бу жуда ажойиб бўлганди, ажойиб шартнома. Мен ҳар йили бу кунни нишонлайман. "Халл Сити"га раҳмат айтаман, жамоадан олган пулларим менинг ҳаётимни яхшилади. Мен бу пулларни роҳат қилиб сарфладим", дейди Буллард.

2011 йилда футболчи "Ипсвич Таун"га ижарага берилади. Буллард 2012 йилда тиззасидаги жароҳат туфайли футболчилик фаолиятини якунлаган. У айни вақтда 37 ёшда.