20 февралда Форс кўрфази араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши Саудия Арабистонининг 19 февралдан Ливан қуролли кучларига ҳомийлик қилишни тўхтатиш қарорини қўллаб-қувватлади. Бу ҳақда кенгашнинг бош котиби Абдул Латиф аз-Заёний баёнотида айтилди.

"Кенгашга аъзо давлатлар умумараб келишувга қарши борувчи ва мамлакат ҳамда ташкилот давлатлари билан муносабатларнинг чуқурлигига мос бўлмаган Ливиянинг расмий позициясига жавоб тариқасида қабул қилинган қиролликнинг қарорини қўллаб-қувватлайди", деб келтирмоқда аз-Заёнийнинг сўзларини Саудия агентлиги. Аз-Заёний "Кенгашда Ливан хорижий манфаатлар асирига айланишга қарор қилганидан афсусда эканликларини" таъкидлаб ўтди.

19 февралда Саудия Арабистони Ливан армиясига 3,1 млрд долларлик француз қурол-аслаҳасининг етказилиб берилишини молиялаштиришни тўхтатиши маълум бўлди. Ар-Риёд Байрутга ички хавфсизликни қайта жиҳозлаш учун ваъда қилинган грантни (1 млрд доллар) ажратишни тўхтатиб қўйди. Саудия ҳукуматидаги манбанинг таъкидлашича, қиролликнинг бундай қадам қўйишига Ливан томонидан икки давлат ўртасидаги биродарлик муносабатларига тўғри келмайдиган позицияни эгаллагани сабаб бўлган.

Ливаннинг The Daily Star газетасининг тушунтиришича, Саудия Арабистонининг бундай қарор қабул қилишига Ливан ташқи ишлар вазири Жаброн Босилнинг Араб давлатлари лигаси ва Ислом ҳамкорлиги ташкилотидаги йиғилишларда ўзини тутиши сабаб бўлган. Иккала йиғилишда ҳам Босил Эрон ва "Хезболлаҳ" шиа гуруҳини қораловчи резолюцияларни қўллаб-қувватлашдан бош тортган.