Португалиялик мутахассис Жозе Моуриньо ўзининг Италиянинг «Интер» жамоасига ўтиши мумкинлиги ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди.

«Мен Миланда фақат 1 кунни ўтказдим. «Интер» президенти Массимо Мораттидан миннатдорман. Мен 2010 йилда «Интер»дан кетганман ва ўтган вақт ичида «Реал» ҳамда «Челси»да ишлаб, у билан суҳбатлашишга вақт топмагандим. Энди эса у билан учрашишга имкон туғилди.

Биз у билан тушлик қиламиз ва кейин «Сан-Сиро»га жамоани қўллаб-қувватлаш учун («Сампдория»га қарши 26 тур ўйини) борамиз. Менда бу стадиондан жуда ажойиб хотиралар қолган.

Мен аниқ айтишим мумкинки, янги мавсумда бу жамоани бошқариш ниятида эмасман. «Интер»да айни вақтда Эрик Тоҳир ва Роберто Манчини янги лойиҳа бўйича ишлашмоқда. Мен уларнинг ғояларини тўла қўллаб-қувватлайман. Умид қиламанки, улар омадга эришишади. Мен «Интер»дагиларни яна хурсандчиликлар оғушида кўришни истайман. Албатта бундай кунлар келади.

Менинг янги иш жойим ҳақида сўраяпсизми? Мен ҳали ўзим билмайман буни. Лекин футболни севаман ва мураббийли фаолиятимга албатта қайтаман.

Барча жамоаларни ва уларнинг мураббийларини ҳурмат қиламан. Мен ўзимга жамоа излаб Италияга келганим йўқ. Ахир жамоалар ўзи мени таклиф қилиб чиқишади», дея унинг сўзларидан иқтибос келтиради Football Italia нашри.

Бундан олдинроқ, миланликларнинг собиқ президенти, ҳозирда акциядори ҳисобланадиган Массимо Моратти Моуриньони «Интер» ва «Сампдория» ўйини бирга кўришга таклиф этгани ҳақида хабар берилганди.

Қайд этиш керакки, Моуриньонинг ўзи фаолиятини Англияда давом эттириш истагини билдирган ва у ёзда «Манчестер Юнайтед» жамоасида иш бошлаши кутилмоқда.