Индонезия полицияси 36 кишини терроризмга алоқадорликда гумон қилиб, ҳибсга олган. Бу ҳақда Associated Press хабар тарқатган.

Полиция маълумотига кўра, ҳибсга олиш ишлари Ява оролида ўтказилган. Қўлга олинганларнинг ёнидан пневматик винтовкалар, пичоқлар ва диний адабиётлар топилган.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 14 январь кунида Индонезия пойтахти Жакарта шаҳрида давомли терактлар содир этилган, натижада 4 киши қурбон бўлганди. Ўзаро отишмаларда 2 жангари йўқ қилинган, яна 2 жангари ўзини портлатиб ҳалок бўлганди.

Бу теракт учун жавобгарликни ИШИД ўз зиммасига олган. Теракт ташкилотчиси сифатида айни вақтда Суриянинг Раққа шаҳрида экани тахмин қилинадиган индонезиялик радикал Баҳрум Найим номи тилга олинади. У ИШИДнинг Жанубий-Шарқий Осиё бўйича бўлими раҳбари экани айтилади.

14 январь кунги терактдан кейин мамлакатда кенг кўламли аксилтеррор амалиётлар давом этмоқда.