Шимолий Кореяликларга ҳукмрон Корея меҳнат партияси қурултойи олдидан 375 та янги шиор таклиф қилинди. Бу шиорлар партиянинг "Нодон синмун" газетасида чоп этилди.

Шимолий Корея нашрининг маълум қилишича, бу шиорлар "даврларга хос ўзгаришларни" намоён қилади ва мамлакатга "маршал Ким Чен Ин бошчилигидаги ҳал қилувчи ғалабага" эришишга ёрдам бериши керак. Улар орасида яхши меҳнат қилиш ва партия шарафига "ура" деб ҳайқиришга чақириқлар ҳам бор.

Шунингдек шиорларда ҳар бир шимолий кореялик " агар бу унга ўлим билан хавф солса ҳам партия сиёсатини ҳаётга татбиқ қилишни амалга оширишда фидойилик билан курашадиган чин инсон бўлишга" чақирилган.

Қуйида шу шиорлардан баъзилари келтирилган:

"Келинг Кимсусан Қуёш ёдгорлик саройини абадий машъала зиёратгоҳига хос ҳолда янада ажойиброқ қилайлик ва уни жону-дилимиз билан ҳимоя қилайлик".

"Халқ оммаларининг юрагини ёндирувчи учқунлар ва уларнинг идрок кучига ирода берувчи детонаторлар бўлинг!"

"Бутун мамлакат иссиқҳона сабзавотлари ишлаб чиқариш қатъий кампанияси билан қамраб олинсин!".

"Халқ истеъмоли маҳсулотлари муаммосига қатъий жавоб берамиз!"

"Ҳар бир фуқарони аскарга, мамлакатни эса қўрғонга айлантириш бўйича партия сиёсатини ҳаёга татбиқ қилайлик".

"Моранбон ансамблининг инлиқобий ва жанговар ижодини ўрганинг!" ва ҳоказо.

Бу янги шиорлар рўйхати 2015 йил февралда чоп этилган 310 та шиордан иборат рўйхатнинг ўрнини эгаллаши кутилмоқда. Ўтган йили шимолий кореяликлар кўпроқ қўзиқорин етиштириш ва Шимолий Кореяни социалистик эртакка айлантиришга ундалгандилар.

Корея меҳнат партиясининг янги қурултойи 2016 йилда ўтказилиши режалаштирилмоқда, охирги марта бундай қурултой 1980 йилда ўтказилганди.

Маълумот учун, Кимсусан Қуёш ёдгорлик саройи Шимолий Корея давлати асосчиси Ким Ир Сен ва унинг ўғли, мамлакатни 2011 йилгача бошқарган марҳум Ким Чен Ир мақбараси ҳисобланади.

"Моранбон" аёллар ансамбли Шимолий Корея миллий брендларидан бири ҳисобланади. Баъзи маълумотларга кўра, гуруҳ иштирокчиларини Ким Чен Иннинг шахсан ўзи танлаб олган.