Daily Mail нашри ўз ихтиёрига тушган бир махфий ҳужжатга иқтибос келтирган ҳолда, шайх Салмон Муҳаммад ибн Хаммом билан ФИФА ижроия қўмитасида ўрин олиш учун курашганда пора берганлигини маълум қилди.

Бу ҳақда биринчи бўлиб австралиялик журналист Лес Маррей маълум қилган, у ўша пайтда ФИФАнинг ахлоқ бўйича қўмитаси аъзоси бўлган. У қўмитага бу ҳақда мурожаат қилган, бироқ ўшанда ФИФАнинг бош котиби бўлган Жером Вальке унинг бу ишини масъулиятсизлик деб атаган. Кейинроқ журналист қўмитага айбловчиларнинг исми, улар билан суҳбатлар санаси ва вақтини ва бошқа деталларни тақдим қилган, бироқ унинг мурожаати жавобсиз қолдирилган, деб хабар бермоқда Daily Mail нашри.

Маррейнинг таъкидлашича, шайх Салмон овоз олиш учун пулларни миллий олимпия қўмиталари орқали берган бўлиши мумкин. Шайхнинг ўзи барча айбловларни инкор этмоқда. Унинг вакили шайхнинг айбдорлигини исботловчи бирорта далил топилмаганини таъкидлаб ўтди.

Эслатиб ўтамиз, ФИФА президенти лавозимига сайловлар 26 февралда Цюрихда бўлиб ўтади. Президент лавозими учун шайх Салмон, УЕФА бош котиби Жанни Инфантино, ФИФА бош котибининг собиқ ўринбосари француз Жером Шампань, Иордания шаҳзодаси Али ибн Ал-Ҳусайн ва жанубий африкалик Токио Сексвале курашадилар.