«Рома» жамоасининг кўп йиллик сардори Франческо Тотти жамоани тарк этиши мумкинлигини айтди. У ўзига ўйин амалиёти жуда кам берилаётганидан ва бош мураббий Лучано Спаллеттининг ўзига кўрсатаётган совуқ муомаласидан норозилик билдирди.

«Мен ҳозирги вазият сақланиб қоладиган бўлса «Рома»да қола олмайман. Ўйинларни фақат захира ўриндиғида ўтириб кузатиш жуда оғриқли ва аламли. Мен тўғри тушунаман, менинг ёшимда футболчилар ўйинларга камроқ вақтга туширилишади. Лекин мен жамоа учун қилган хизматларимни инобатга олиб, мени ҳурмат қилишларини истайман», дейди 39 ёшли футболчи.

«Мен жароҳатимдан тузалганман. Ўзимни жисмоний жиҳатдан тетик сезяпман. Ўйнашни истайман. Ўйинларга туширилмаётган эканман, бу жамоанинг тактик схемаларига тўғри келмай қолганимни кўрсатади.

Бош мураббий Лучано Спалетти билан муносабатимиз эрталаб салом бериш ва кечқурун хайрлашишдан иборат холос.

Менинг жамоа билан шартномам шу йилнинг июнига қадар тузилган. Раҳбариятдан янгилик кутяпман. Мен ўзимга ҳурмат кутаяпман», дейди Франческо Тотти Roma Radio эфирида.

Тотти ЕЧЛнинг нимчорак финали доирасида «Реал»га қарши баҳснинг охирги дақиқаларида майдонга туширилди.

Футболчи фаолиятини 1992 йилда «Рома»да бошлаган ва шу вақтгача жамоа учун 749 учрашувда майдонга тушган.

Спалетти январь ойида «Рома» бошқарувида Руди Гарсиянинг ўрнини эгаллади.

Айни вақтда римликлар турнир жадвалида 25 турдан кейин 47 очко билан тўртинчи ўринда бормоқда.