Жиззах вилоятининг жиноий ишлар бўйича суди 19 февралда 5 нафар жиноятчини Ўзбекистон ҳудудида ўғрилик, талон-тарожлик билан шуғулланган ва қўпорувчилик ҳаракатларини амалга оширишга тайёргарчилик кўрган диний экстремистик гуруҳни ташкил қилгани учун турли муддатли қамоқ жазоларига маҳкум қилди, деб маълум қилди суд вакили Sputnik Узбекистан нашрига.

"Гуруҳга етакчилик қилган 30 ёшли Фурқат Жўраев 12 йиллик, унинг 4 та шериги 5,5 йилдан 7 йилгача қамоқ жазосига тортилди. Барча айбланувчилар ўз айбини тўлиқ тан олди", деб айтди суд вакили. Унинг айтишича, Жўраев Россияда босқинчилик, номусга тегиш, гиёҳванд модда тайёрлаш ва сотиш айби билан 5 йиллик қамоқ жазосини ўтагандан кейин Ўзбекистонга қайтиб келган.

"Жўраев айбини тан олувчи кўрсатмалар бериш давомида Россияда бўлганда Москва вилоятида ҳаракат қилган "ГТА бандаси" деб номланувчи жиноий тўда аъзолари билан танишиб қолган, у шундан кейин "жиҳод" ғоялари асосида Ўзбекистонда шундай тўдани ташкил қилмоқчи бўлган", деб маълум қилди ҳуқуқ-тартибот муассасалари ходими. Жўраевдан ташқари, тўданинг Арамис Авакян, Муродулла Қаюмов ва Эльмир Бекмамбетов исмли аъзолари ҳам 2013 йилда Россияда уч йил ишлагач, Ўзбекистонга қайтиб келишган. Бу кимсалар Россияда марказий осиёликлар билан мулоқотда бўлгандан кейин, улар томонидан радикал ислом ташкилотларининг ташвиқотига жалб қилинган.

Суд йиғилиши давомида қораловчи томон тўданинг Ўзбекистон ҳудудида рэкет, босқинчилик, қўпорувчилик ва терактларга тайёрланиш ҳолатлари ва бу тўда диний-экстремистик кўринишдаги гуруҳ эканлигини исботлашга муваффақ бўлди.

2014 йилда Москва вилоятидаги М-4 "Дон" трассасида бир қатор ваҳший қотилликлар юз берди. Россия ОАВлари бу жиноятларни амалга оширган жиноий тўдани "ГТА бандаси" ("GTA" компьютер ўйинига ўхшаш жиноятлар амалга оширгани сабабли) деб номлаган. Тўда асосан Марказий Осиё вакилларидан ташкил топган. 2014 йил ноябридаги тезкор-қидирув тадбирлари давомида Россия ҳуқуқ-тартибот муассасалари ходимлари тўданинг етакчиси Ибайдулло Субхановнинг жойлашган ўрнини аниқлашга муваффақ бўлганлар ва операция давомида уни йўқ қилишган. Шунингдек, тўданинг яна 9 аъзоси қўлга олинган. Тўданинг қолган 4 аъзоси қочиб кетишга муваффақ бўлган ва улар халқаро қидирувга берилган. 2015 йил октябрда ушбу иш бўйича тергов якунланган.

Бу жиноий тўда Москва шаҳри, Москва ва Калуга вилоятлари ҳудудида 16 та босқинчиликни амалга оширган, бу жиноятлар давомида 17 кишини ўлдирган, 2 киши ярадор бўлган. Тўда, шунингдек, қурбонлар бўлмаган, жабрланувчиларни қурол билан қўрқитиб, уларни дўппослаб тунаб кетган бошқа кўплаб жиноятларни ҳам амалга оширган.