Сурия президенти Башар Асад Беларусь давлати делегациясини кутиб олди. Делегацияга Беларусь компартияси биринчи котиби Игорь Карпенко бошчилик қилди. Учрашув давомида Сурия ихтилофини тартибга солиш вариантлари ҳамда Беларусь ва Сурия ўртасида савдо ва иқтисодиёт соҳаларида ҳамкорлик ва сиёсий диалог имкониятлари муҳокама қилинди.

Беларусь делегацияси Асадга Беларусь президенти Александр Лукашенконинг расмий номасини етказди.

"Номада Сурия халқи ва президентига қўллаб-қувватлаш сўзлари, Сурия ва Беларусь ўртасида ҳамкорликнинг барча йўналишлари бўйича дўстона муносабатларни янада ривожлантириш таклифи билдирилган", деб айтди Карпенко.

Беларусь делегацияси Башар Асадга "Ғалаба куни" деб номланган суратни Лукашенко номидан совға қилди.

"Беларусь компартияси ҳар бир халқ ўзининг тараққиёт йўлини, ташқаридан аралашувсиз, ўзи мустақил танлаш ҳуқуқига эга, деб ҳисоблайди. Фикримизча, Сурия адолатли кураш олиб бормоқда", деб таъкидлаб ўтди Карпенко.

Эслатиб ўтамиз, Сурия ва Беларусь Шанхай ҳамкорлик ташкилотида кузатувчилар мақомини олиш учун 2015 йилда ташкилотга ариза топширган.