26 февраль куни Барселонада электроника оламининг сўнгги ютуқларига бағишланган энг йирик халқаро кўргазма - Mobile World Congress (MWC) бўлиб ўтади. Бутундунё мобиль конгрессида электрон бозорнинг асосий иштирокчиларидан ташқари тез орада дўконларда пайдо бўлувчи янгиликларни намойиш этишади.

Samsung

Компания кўргазма очилиши арафасида 21 февраль куни ўз матбуот-анжуманини ўтказади. Унда кореялик гигант компания 3та янги маҳсулот: Galaxy S7 флагман-смартфони, унинг қайрилган кўриниши S7 edge ва панорамали VR Gear 360 камерасини тақдим этади. ОАВда Galaxy S7 хусусияти тўғрисидаги хабарлар йил бошида “болалаган” эди. Аndroid-қурилманинг биринчи “жонли” сурати эса февраль бошида чоп этилди.

Samsung Galaxy S7 ва S7 Edge смартфонлари мос равишда 5,1 ва 5,5 дюймли QHD кўрсатиш қобилиятига эга (2560×1440 нуқтали) Super AMOLED дисплейлари, Qualcomm Snapdragon 820 ёки Samsung Exynos 8890 процессорлари, 4 Гбайт тезкор хотира, 32 ёки 64 Гбайтли флеш-хотира, microSD хотира карталари учун слот, бармоқ излари сканери, 12 Мп ли BRITECELL орқа камера ва селфи учун 5 Мп ли олд камера билан жиҳозланади.

Galaxy S7 ва Galaxy S7 Edge’нинг тез қувватланиш функциясига эга аккумуляторлари ҳажми мос равишда 3000 ва 3600 мА•соатни ташкил қилади.

Иккала модель ҳам Европа ва АҚШга 11 мартдан сотувга чиқарилади.

Янги Gear 360 VR-камераси эса “балиқ кўзи”дек (180 градус) икки объективдан иборат бўлади. Фойдаланувчиларни ташқи қувват манбаига уланиш заруриятидан халос этиш мақсадида ўз аккумуляторига эга. Видеонинг максимал даражаси 3840х1920 (икки линза орқали тасвирга туширилса) ёки 1920х1920 (бир линза билан) пикселни ташкил этади.

LG


Samsung Galaxy S7 билан бир вақтнинг ўзида G5 флагман-смартфони ҳам намойиш этилади. Унинг ташқи кўриниши ва хусусиятлари ҳозирча сир бўлиб қолмоқда. Бироқ аппарат доимий ёниқ экран функциясига эга.

Ўтган ҳафтада янги смартфон учун ҳали яратилмаган махсус ғилоф тўғрисида хабар берилган эди. Унга кўра, Quick Cover шаффоф корпуси қўл тегиши билан ишга тушувчи махсус материалдан ишланган. Фойдаланувчилар смартфонни ғилофини олмасдан туриб, қўнғироқларга жавоб беришлари мумкин.

HTC


HTC юқоридаги рақобатдошларидан фарқли ўлароқ, смартфонлар тақдимотини ўтказмайди. У асосий эътиборни Vive виртуал реаллик кўзойнакларига қаратмоқда. Шунингдек, кўргазмада мазкур янгиликнинг нархи ҳам эълон қилиниши мумкин.
HTC бош директори Шер Воннинг сўзларига кўра, ҳозир компания учун телефон бизнесидан кўра, виртуал реаллик қурилмалари муҳимроқдир. НТС компаниясининг бу борадаги илк гаджети Valve билан ҳамкорликда яратилган Vive кўзойнаклари бўлади. Қурилма апрель ойида сотувга чиқади.

MWC 2016 кўргазмасида компания Under Armour спорт кийими билан ҳамкорликда яратилган HealthBox – жисмоний фаоллик назорат тизимини ҳам намойиш этиши мумкин.

Huawei


Компания 21 февраль куни уюштирадиган тадбирида мутлақо янги қурилмани намойиш этишни ваъда берган. Тахминларга кўра, у жорий йилда 4та янги смартфонни намойиш этади.

Sony


Кўргазмада компаниядан йирик намойишлар кутилмаяпти. Ўтган йилнинг сентябрида японлар Z савдо маркасини янгилаганликлари сабаб, Xperia-смартфонларининг намойиш этилиши даргумон. Биргина, Sony ўзининг Xperia Z Tablet Compact планшетини ихчам кўринишини тақдим этиши мумкин.

Nokia


Ўтган йили мобил телефонлар бозорида ишлаб чиқарувчилар орасида катта “ўйинчи”лардан бири Nokia, 2016 йилда яна ишлаб чиқаришни тиклаш ва қурилмаларга лицензия беришга қайтишини эълон қилди. Буни амалга оширишдан уни Microsoft билан тузилган шартнома тўхтатаётган эди.

Лекин MWC 2016 кўргазмасида Nokia`ни янги қурилма тақдим этишдан ҳеч нарса тўхтатмайди, бундан ташқари улар янги тармоқли ускуналар ва 5G станцияларини намойиш қилишлари мумкин.

Xiaomi


Хитойнинг Xiaomi компанияси бундан олдин MWC кўргазмасида ҳеч қачон қатнашмаган, лекин бу йил вазият ўзгариши мумкин. Компания Mi 5 флагман смартфонининг тақдимотига ишора қилиб, 24 февраль кунга мухбирларни кўргазма доирасида бўлиб ўтадиган “медианамойиш”га таклиф қилди.
Xiaomi вице-президенти Уго Барра твиттерида жойлаштирган суратига кўра, смартфон энг замонавий Qualcomm Snapdragon 820 процессори, икки SIM-карта учун жой ва NFC-чипига эга бўлади.
Бошқа манбаларга кўра, Mi 5 5,2-дюймли экран ва 3600 мА*с ли батарея билан жихозланади. Қурилма икки хил турдаги хотира билан: 32 Гб доимий ва 3 Гб оператив ва 64/4 Гб ли хотира билан сотувга чиқади.

BlackBerry


Ўтган йилнинг охирида BlackBerry компанияси ўзининг биринчи слайдер кўринишидаги Android смартфони Priv ни тақдим этган эди. Миш-мишларга қараганда, компания шу смартфоннинг QWERTY-клавиатурасисиз каби ҳар хил турларини тайёрламоқда ва MWC 2016 кўргазмаси уларни тақдим қилишнинг энг қулай вақти деб хисоблашади. Лекин бу амалга ошмаслиги ҳам мумкин, чунки компания MWC да ҳеч қандай матбуот конферециясини ўтказишни режалаштирмаган.

Hewlett-Packard


HP узоқ пайтлардан бери муҳокама қилиниб келаётган Elite X3 Windows-смартфонини MWC кўргазмасида тақдим этиши мумкин.
Янгиликнининг хомаки номи Falcon бўлиб, у 5,8-дюймли экран (2560х1440 пикселлар), замонавий Qualcomm Snapdragon 820 процессори ва 64 гигабайтлик флеш-хотира билан қуролланади. Бундан ташқари, Elite X3 нинг асосий “кўзи” 20 мегапиксель ва олд томондагиси эса 12 мп бўлиши режалаштирилган.

Oppo


Январь ойининг охирида, Oppo компанияси хинд бозорида ўзининг биринчи F1 “селфифон”нини намойиш этган эди. Янгиликда селфи ва видеочат учун 8-мегапикселлик камера, суратларга ишлов бериш учун Beautify 3.0 ва PureImage 2.0 программалари ўрнатилган.
Компания MWC 2016 да “мобил камера билан боғлиқ бўлган, мисли кўрилмаган янгилик”ни намойиш қилишга ваъда берди. Эҳтимол, Oppo тақдим этилган моделнинг АҚШ ва Европа учун такомиллаштирилган F1 plus (5,5-дюймли экран ва 4 ГБ "оператив хотира”) смартфонини тақдим этади.