Федерал қидирув бюроси директори Жеймс Коми Сан-Бернардинолик мерган Саид Фарукнинг смартфонини бузиш ҳақида Apple’га қўйилган талаб бундан ортиқ глобал мақсадларни назарда тутмаслигини билдирди.

“Биз кимнингдир ҳимоясини бузмоқчи ёки қулф калитини оммалаштирмоқчи эмасмиз”, -деди Коми.
У миллий хавфсизликка оид хаётий муҳим маълумотлар “кундалик эҳтиёж маҳсулотлари билан савдо қилувчи” хусусий корпорацияларнинг қўлида сақланиши нотўғрилигини ҳам билдирди.

Аввалроқ, Калифорния суди Apple компаниясига Сан-Бернардинолик террористнинг мобил телефони қулфини ечишда ёрдам беришни буюрганди. Тим Кук Федерал органларнинг талабини бажаришдан бош тортган. Кукнинг фикрича, бу кейинчалик бошқа қурилмаларнинг хавфсизлигига ҳам дахл қилиши мумкин. 

Калифорния штатининг Сан-Бернардино шаҳрида имкониятлари чекланганларлар маркази ҳудудида декабрда содир бўлган отишмада 14 киши ҳалок бўлган ва 17 киши ярадор бўлган эди.