Аргентина президенти Маурисио Макрининг Instagram’даги саҳифасини 580 мингдан ортиқ киши кузатиб боради.
Маурисио Макри бор-йўғи икки ярим ой аввал Аргентина президентлиги тахтига ўтирди. Лекин аллақачон ижтимоий тармоқларда машҳурлик борасида Лотин Америкасидаги ҳамкасбларидан ўзиб кетган.

Айни пайтда унинг Instagram’даги саҳифасини 580 мингдан ортиқ одам кузатиб боради. Унга яқинроқ “рақиблар” – Мексика президенти Энрике Пенья Ньето ва Бразилия президенти Дилма Руссефф, уларнинг ҳар бирининг 178 мингтадан кузатувчиси бор.

Таҳлилчиларнинг тадқиқотларига кўра, Instagram ижтимоий тармоғи сўнгги йилларда бутун дунё сиёсатчи ва дипломатлари ўртасида оммалашиб кетди. 136 мамлакатларнинг президентлари, бош вазирлари ва ташқи ишлар вазирларининг ушбу ижтимоий тармоқда расмий саҳифалари мавжуд.
Айни пайтда АҚШ президенти Барак Обама – кузатувчилари энг кўп сиёсий раҳбарлар рўйхатининг энг бошида турибди, унинг Instagram’даги суратларини 6 миллиондан ортиқ одам кузатади. Иккинчи ўринни РФ бош вазири – Дмитрий Медведев (2 миллиондан ортиқ кузатувчи) эгаллаган. Кейинги қаторда эса уларнинг ҳинд ҳамкасби Нарендра Моди (1,7 миллион кузатувчи) турибди.