Ўзбекистонда 2016 йил кузда “Кинемотография тўғрисида”ги қонуннинг лойиҳасини тайёрлаш режалаштирилмоқда. Бу - Вазирлар Маҳкамасининг 17 февралда тасдиқланган қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш дастурида кўзда тутилган.

"Ўзбекистонда кинемотография соҳасидаги давлат сиёсатида тор мавзуларнигина назорат қилувчи қатор низомлар мавжуд. Бироқ кўплаб ҳуқуқий муносабатлар қонун доирасида умуман ҳисобга олинмаган", деб хабар беради gazeta.uz нашри.

Режа бўйича, қабул қилинажак қонун кинемотография ва унга яқин соҳаларда муносабатларни ҳуқуқий тартибга солувчи ягона ва мукаммал тизимни яратади.

Қонун фильмларни ишлаб чиқариш, тарқатиш, сақлаш ва намойиш этиш, кино саноатининг иқтисодий асослари, чет эл фильмларини ижарага бериш, шунингдек, ушбу соҳада фаолият юритувчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш каби масалаларни қамраб олади.