Америкалик теннисчи Серена Уильямс WTA рейтингида узоқ вақт давомида етакчилик қилиш кўрсаткичи бўйича аёллар тенниси тарихидаги энг яхши иккинчи натижани кўрсатиб турибди. Бу ҳақда «Чемпионат.com» хабар тарқатган.

22 февраль куни эълон қилинган янги рейтингга кўра, у дунёнинг биринчи рақамли аёл теннисчиси мақомини сақлаб қолган. Эндиликда у қаторасига 157 ҳафта давомида рейтингни бошқариб турган теннисчига айланди ва Мартина Навратилованинг 156та ҳафталик натижасидан ўзиб кетди.

Уильямсларнинг кичиги 2013 йилнинг 18 февралидан бери карвонбошиликни ҳеч кимга бермай келяпти.

Навратилова 1982 йилнинг 14 июнидан 1985 йилнинг 9 июнигача дунё рейтингини бошқарганди.

Бу борадаги энг яхши натижа германиялик Штеффи Графга тегишли бўлиб турибди. Унинг натижаси 186 ҳафта давомида рейтингда пешқадамлик қилишга тенг (1987 йилнинг 17 августидан 1991 йилнинг 10 мартигача).