Уй бозорида ишончли, давлат томонидан ўрнатилган тартиб-қоидаларга қатъий риоя қилган ҳолда фаолият кўрсатаётган риэлторлик ташкилотларидан ташқари, сохта “тадбиркорлар” ҳам бор. Айрим ана шундай “тадбиркорлар” ноқонуний фаолият кўрсатиш билан бир қаторда, содда, ишонувчан кишиларни турли усуллар билан алдаб, фирибгарлик йўли билан даромад топишни ҳам ўзларига касб қилиб олган.

Uybor.uz сайти юртдошларимизга уй-жой сотиш ва сотиб олишда алданиб қолмаслик учун керак бўладиган тавсиялар беришни лозим топди. Қуйида эътиборингизга ҳавола этилажак маслаҳат ва тавсияларга риоя қилсангиз, уйингизни сотиш, янги хонадон сотиб олиш ёки ижара масалаларида доғда қолмайсиз, деган умиддамиз.

Тажрибали мутахассислар огоҳлантиради: сергак бўлинг!

Устаси фаранг уй-жой сотувчиларнинг асосий мақсади харидорларни “хўрак”ка илинтириш. Кенг тарқалган усулга кўра, улар яхшигина таъмирдан чиқарилган, қулай ҳудудда жойлашган, нархлари ҳам айнан сизбоп, аслида эса ҳеч қаерда мавжуд бўлмаган уйнинг таърифу тавсифларини келтириб эълон беради. Уларнинг “қармоғи”га илинишингиз билан эълонда айтилган уй харидорини топиб кетгани, сизга эса бошқа, аммо сал бошқачароқ вариант таклиф қилинади. Излаб-излаб топганингиз шу бўлгани боис, у айтган шартларга беихтиёр рози бўлиб қўяқоласиз.

“Тўрга илинтириш”нинг яна бир машҳур усули уй-жойлар нархини арзонлатиб қўйиш (ҳар бир туман ва уй турлари бўйича биттадан). Қўшимча тўлов ёки шартлар эса учрашганда, келишув вақтида ошкор қилинади. Бу пайтда сиз уйни кўриб бўлган, кўнглингизга маъқул келган бўлади.

Айримлар эса интернет орқали турли форум ва гуруҳларда эълон бериб, бошқа ўнлаб сохта профиллари орқали ўз-ўзи билан суҳбатлашади. Бу суҳбат қуйидагича кечиши мумкин:

1-фойдаланувчи: Фалон манзилдаги икки хонали уйимни бунчага сотаман.

2-фойдаланувчи: Қизиқ таклиф, менга телефон рақамингизни беринг.

3-фойдаланувчи: Менга ҳам...

Шундай қилиб харидорлар ўртасида сунъий рақобат пайдо қилинади.

Яна бир кенг тарқалган алдовга кўра, мижозга бундай қулайликларга эга уй бозорда йўқ экани, бир неча мижоз уни сотиб олиш (ижарага олиш) истагида экани айтилади. Натижада, ишонувчан харидор ёки арендатор биринчи кўрсатилганидаёқ шартнома имзолашга тайёрлигини маълум қилади. 

Яна бир айёрлик усулида сотувчи уй-жойга оид айрим камчилик ва ноқулайликларни атайин тилга олиб ўтмайди. Масалан, кўп қаватли уйнинг лифти тез-тез бузилиши, энг юқори қават томидан чакка ўтиши мумкинлиги, гоҳида уй атрофида шовқин-сурон ёки кўнгилсизликлар содир бўлиб туриши ва ҳоказо. Бу каби камчиликлар кўзга ташланмаслиги учун атайин қулай фурсат танланиши, жой мижозга маъқул келганидан сўнг дарҳол кафолат пули олиб қўйилади. Дейлик, тажрибали сотувчи катта магистрал яқинидаги хонадонни пуллаш учун харидорни қаттиқ шамол эсаётган ёки кўчада қатнов нисбатан сийрак вақтда олиб бориши мумкин.

Бу борада энг кенг тарқалган фирибгарликлардан бири сотаётган ёки ижарага бераётган шахс хонадоннинг эгаси бўлмайди. Оддий мисол: уй эгаси бирор хусусий “тадбиркорга” хонадонини сотиб беришни ишониб топширади. Сохта “тадбиркор” эса унга вақтинчалик ижарачилар топиб, кунлик ёки бир неча ойлик ижара пулини ўзлаштириб юборади.

Шу боис ўзини риэлтор сифатида кўрсатаётган кишининг ҳужжатлари, яъни тегишли сертификат мавжудлигига, унинг қайси риэлторлик фирмасида фаолият кўрсатишига хамда ушбу риэлторлик ташкилотнинг тегишли лицензияси борлигига эътибор қаратинг.

Ижарага олишдан аввал тўловни дарҳол олдиндан амалга оширмасликка ҳаракат қилинг. Тегишли шартномалар имзоланиб, ўртада турган воситачи ўз вазифаларини тўлиқ адо этганидан кейингина келишилган пулни тўланг.

Ҳужжатлар, турар-жойни кўздан кечиришда шошилманг. Чунки сотувчи айрим жиҳатларни пайқаб қолмаслигингиз учун атайин сизни шошилтириши, вақти зиқлигини рўкач қилиши мумкин.

Кўчмас мулк объектини харид қилар экансиз, унинг жойлашган ҳудудини яхшилаб ўрганинг, энг яхшиси, куннинг турли вақтларида икки маротаба бориб кўринг.

Uybor.uz сайти юқорида келтирилган масалаларни ҳисобга олишингизни тавсия килади. Ушбу сайт кўчмас мулк сотиш, харид килиш ёки ижарага олиш учун ихтисослашган сайт. Агар сиз квартира ёки ҳовли сотиб олмоқчи бўлсангиз унда http://uybor.uz/uz/prodazha га, ижарага олмокчи бўлсангиз http://uybor.uz/uz/arenda га ўтишингиз мумкин.