2015 йил якунларига кўра, Хитой экспорт ва чакана интернет савдоси ҳажми бўйича дунёда биринчи ўринни эгаллади. Бу ҳақда ХХР тижорат вазири Гао Хучэн маълум қилди, хабар беради ТАСС.

“Ўтган йили ташқи савдода асосий эътиборни барқарорликка ва янги рақобатбардош устунликлар яратишга қаратдик. 2015 йилда ташқи савдо олиб бориш шароитлари яхшиланди, чет эл билан савдолашиш модели замонавийлаштирилди, шунингдек, хизмат кўрсатишни ривожлантириш ҳам рағбатлантирилди”, - қайд этди вазир.

Унинг сўзларига кўра, ўтган йил Хитойнинг интернет-савдо кўрсаткичи 31,6 фоиз – 3,2 триллион юань (490 миллиард доллар)га ўсган.

2015 йил якуни ҳисобларига кўра, Хитой ташқи савдо ҳажми 24,59 триллион юань (3,64 триллион доллар)ни ташкил этган, бу 2014 йил кўрсаткичларидан 7 фоизга кам. Ўтган йили экспорт ҳажми 1,8 фоизга камайган ва 14,14 триллион юань (2,15 триллион доллар)ни ташкил қилган бўлса, импорт 13,2 фоизга пасайиб,10,45 триллион юань (1,59 триллион доллар)ни ташкил этган.

Ўтган йили Хитой жалб этилган чет эл сармоялари ҳажми бўйича ҳам энг юқори даражани кўрсатган. Умуман, Хитой бу рўйхатда чет мамлакатлардан сармоя олиб кириш бўйича 24 йил кетма кет биринчи ўринни эгаллаб келяпти. Чет элга тўғридан-тўғри сармоя тикиш бўйича эса 2015 йилда Хитой учинчи ўринда турибди.