АҚШ ва Жанубий Корея ҳафта давомида Корея яриморолида ракеталарга қарши мудофаа воситаларини жойлаштириш бўйича музокара бошлашлари керак. Бу ҳақда Жанубий Корея мудофаа вазирлигига иқтибос келтирган ҳолда "Рёнхап" ахборот агентлиги хабар берди.

Воситалар жойлаштирилиши ҳақидаги ҳужжат имзолангандан кейин икки давлат уни батафсил муҳокама қилишни бошлайди. Минтақада THAAD мажмуаларининг жойлаштирилиши Шимолий Корея ракета ва ядровий синовлар ўтказганидан кейин ундан солинаётган таҳдид сабабли амалга оширилади.

Аввалроқ Жанубий Кореяга АҚШнинг F-22 Raptor қирувчи самолётлари келгани маълум қилинганди.

Шимолий Кореянинг дунё ҳамжамияти билан муносабатларидаги навбатдаги кескинлашув Пхеньян томонидан январда ўтказилган ядровий синовлар ва февралда ракета учирилиши натижаси бўлди. Шимолий Корея томонидан БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюциясининг бузилишига Жанубий Корея, Хитой ва Россия каби қўшни давлатлар ҳамда АҚШ, Австралия, Япония ва бошқа давлатлар қарши чиқди.