Амирлик пойтахти Абу-Даби раҳбарлари мамлакат тимсолларидан бири бўлган Жабал Ҳафит тоғини чиқинди ва графитдан тозалаш операцияси бошланганини эълон қилишди.

Коммунал хизматлар қояларни ювишади ва тоғ тепаликларини одамлардан қолган чиқиндилардан тозалашади. Полиция эса тозаликни назорат қилади ва қоидани бузганларни жаримага тортади, хабар беради ТАСС.

Амирликнинг очиқ осмон остидаги ёдгорлиги кўринишига дахл қилувчи ҳар қандай қоидабузарлик 300 доллар миқдоридаги жарима билан жазоланади. Қоидани такроран бузганлар эса давлатга 600 доллар жарима тўлайдилар ёки қамоқ жазосига тортиладилар.
Тоққа ҳар қандай сурат чизиш ёки ифлослантириш БАА қонунчилигини бузиш ҳисобланади.

Жабал Ҳафит тоғи аллақачон атрофдаги қояларга ўзидан хотира қолдиришни истайдиган кўча рассомлари ва Амирлик ёшларининг зиёратгоҳига айланган. БАА аҳолиси тоғда дам олишни ёқтиришади, табиийки, ўзларидан чиқинди қолдиришади, оммавий хожатхоналарнинг йўқлиги эса ифлослик даражасини янада оширади. Қолаверса, Амирлик тимсолларининг бирига олиб борувчи тоғ йўли кўплаб одамларнинг ўлимига сабаб бўлган автомобил ҳалокатлари туфайли ёмон маънода шуҳрат қозонган.
Жабал Ҳафит тоғи денгиз сатҳидан 1240 метр баландликда жойлашган ва Абу-Даби саҳросидаги энг баланд нуқта ҳисобланади. Тоғ мамлакатнинг энг диққатга сазовор жойларидан бири ва чет эллик саёҳатчилар ўртасида машҳур.