Жаҳон ҳамжамияти Эбола вируси чақирган эпидемияга нисбатан Зика безгагига самаралироқ муносабат билдирди, олимлар ўз кучларини тезроқ бирлаштирдилар, деб фикр билдирди Американинг Microsoft компанияси асосчиси Билл Гейтс Reuters агентлигига берган интервьюсида.

“Биз Эбола вазияти билан жиддий шуғулландик, энди Зика вирусига тааллуқли муаммоларни ечишга ўтдик. Биз энг яхши мутахассисларни йиғишга ҳаракат қиляпмиз", -дейди Билл Гейтснинг турмуш ўртоғи Мелинда, ўзи ва эри томонидан ташкил этилган хайрия ташкилоти ҳақида гапирар экан.

Зика вируси илк бор 1947 йили Угандада қайд этилган. Бу вирус юқори иситма, конъюнктивит, бош ва бўғим оғриқлари, яллиғланиш жараёнлари, айрим ҳолларда кўнгил айниши ва қусиш, ошқозон бузилиши ва оғриғини келтириб чиқаради. Осиё, Африка, Жанубий ва Шимолий Америка, Тинч океани ҳудудларида касалликнинг авж олган ҳолатлари рўйхатга олинган.

Ҳомиладорлик пайтида Зика вирусини юқтириб олиш, ҳомилада микроцефалия – бош суягининг кичрайиши оқибатида ақлий ноқислик, асабий касалликлар, эшитиш ва кўриш қобилиятининг бузилишига олиб келувчи туғма нуқсон пайдо бўлишига сабаб бўлиши мумкин.

Интервью давомида, миллиардер энергетика соҳасидаги изланишлар хусусида ҳам фикр билдирди. Унингча, тадқиқотларга, айниқса, ёш олимларни ҳам жалб этилса, келгуси 15 йил ичида соф энергетика ишлаб чиқариш соҳасида катта муваффақиятларга эришиш мумкин. Шунда, айни пайтда электрдан фойдаланиш имкониятидан маҳрум тахминан бир миллиард одамнинг яшаш сифати ва даражаси кескин ошган бўлар эди.

Ўз ўринда Мелинда Гейтс ҳам, аёллар меҳнатини холис рағбатлантириш масалаларига ҳам эътиборини қаратганини айтди. “Агар жамиятни такомиллаштирмоқчи ва одамларни қашшоқликдан қутқармоқчи бўлсак, бу муаммоларга аёллар нуқтаи назаридан ёндашишимиз керак”, ҳисоблайди у.