27 февралдан бошлаб Сурияда ўт очишни тўхтатиш бўйича эришилган келишувнинг муваффақият қозониши Сурия ҳукумати ҳамда унинг тарафдорлари, хусусан Россиянинг ўз стратегиясини ўзгартириши эвазига рўй бериши мумкин. Бу ҳақда Буюк Британия Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Филип Ҳаммонднинг баёнотида маълум қилинган.

"Келишув фақат баъзи шартлар бажарилса, муваффақиятли чиқиши мумкин. Муваффақият учун Суриядаги режим ва унинг тарафдорлари ўзгаришларга қўл уриши талаб этилади. Россия бу келишувга ҳурмат билан муносабатда бўлиши ва Суриядаги тинч аҳоли вакилларига ҳамда мухолиф кучларга ҳужум қилишни тўхтатиши керак. Сурия ҳукумати ҳам шу йўлдан бориши керак", дейди вазир.

Унинг сўзларига кўра, "бу келишув шартларига тўлиқ амал қилинса", бу келишув Суриядаги зўравонлик ҳолатларига барҳам беришдаги муҳим қадам бўлади ҳамда Суриядаги сиёсий вазият барқарорлашади.

Бундан олдинроқ, АҚШ Давлат департаменти Суриядаги тинчлик сулҳи Туркиянинг курдларни бомбалашига ҳам тааллуқли экани ҳақида маълум қилганди.