Каталониянинг «Барселона» клуби бош мураббийи Луис Энрике Европа чемпионлар лигасининг 1/8 финал доирасидаги «Арсенал»га қарши учрашуви олдидан ўз жамоаси ҳужум чизиғини дунёнинг энг кучли учлиги деб атади.

«Ўйиндан олдин Месси, Суарес ва Неймарга уларни руҳини кўтариш учун нима дейман? «Абракадабра» дейман ва сеҳр-жоду ўз-ўзидан пайдо бўлади.

Жамоамда доимий равишда яхши ҳужумчилар бўлишган. Мен бошқараётган «Барселона»да эса дунёнинг энг кучли ҳужум чизиғи тўп суради. Уларда майдонда ҳаракатланиш учун эркинлик бор, шунга қарамай улар зиммасига юклатилган вазифани яхши билишади, керакли пайтда прессинг қилиш кераклигиниям тушунишади. Қолганлар эса уларни қулай тўп узатмалари билан таъминлашга ҳаракат қилишади.

Барча футболчиларнинг мақсади битта. Шунинг учун ҳам ҳаммаси оддий.

Месси ўтган мавсумни юксак савияда ўтказди. Бу мавсумда ҳам у ўз даражасини сақлаб қолди ёки унданда яхшироқ ўйнамоқда. Шундай футболчилар бўладики, вақти-вақти билан ўзи учун майдонда янгиликларни кашф қилиб боради. Лео осонлик билан энг яхши яримҳимоячига айлана олиши мумкин, унинг марказий ҳужумчи сифатидаги статистика эса шунчаки ақлбовар қилмас даражада. У жамоа етакчиси ва энг муҳим футболчи», – дея Луис Энрикенинг сўзларидан иқтибос келтиради As нашри.