Туриннинг «Ювентус» жамоаси бош мураббийи Массимилиано Аллегри ЕЧЛ нимчорак финалидаги «Бавария»га қарши биринчи учрашув олдидан қандай тактика билан ҳаракат қилмоқчилиги ҳақида гапириб ўтди.

«Мен «Бавария»ни турли услубларда ўйнайдиган жамоа деб билмайман. Барчамиз биламизки, улар тўпни назорат қилишни хуш кўришади. Биз олдиндаги ўйинда уларни тўпсиз қолдирмоқчимиз. Буни қанчалик уддалаймиз, кейин баҳолаймиз. Гвардиола — буюк мураббий, уни услуби учун «Барселона»далигидаям танқид қилишарди, лекин у ўз услубини «Бавария»да ҳам муваффақиятли равишда қўлламоқда. Гарчи немислар жамоасида бу ўйин услуби учун туғилган бир қатор футболчилар, масалан Месси йўқ бўлсада.

Сиз мен ўйинга қандай таркибни туширишни режалаштирганимни билишни истайсизми? Катта сюрпризлар қилиш ниятида эмасман. Биз бутун дунё кўз ўнгида турадиган муҳим ўйин арафасида турганимизни биламиз ва шунга қараб ҳаракат қиламиз. Ўтган сафар уй ўйинида 0:0 ҳисобига эришсак, хурсанд бўлишимни айтгандим, кейин эса мени тинимсиз ҳақорат қилишди! Менимча, энди бу ўйин нурсиз дуранг билан якунланмайди», дея мураббийнинг сўзларини келтиради Football Italia нашри.

«Ювентус» — «Бавария» ўйини 23 февраль куни Туринда, Тошкент вақти билан соат 00.45да бошланади.