Хитойнинг «Шанхай Шэньхуа» жамоаси бош мураббийи, швециялик мутахассис Свен-Йоран Эрикссон Хитой терма жамоаси кейинги 10-15 йил ичида футбол бўйича жаҳон чемпионатида ғолиб бўла олиши мумкинлиги ҳақида фикр билдириб ўтди.

«Хитой футболини ёрқин келажак кутмоқда. Ўйлайманки, мен ўз вақтида бу ерга келдим. Мен бу ердан кетмаслигимни ҳис қилмоқдаман, чунки Хитой футболи тез суратлар билан ривожланишни бошлади.

Ўтган асрнинг 90-йилларида Италияда ишлагандим ва ўшанда барча Италия чемпионатида ўйнашни орзу қиларди.

Янги асрнинг дастлабки ўн йиллигини Англияда ўтказдим ва бу даврда барча АПЛ жамоаларидаги катта пуллар ва ажойиб ўйинлар учун туманли альбионга келишни истарди.

Бугун, 2016 йилда, кўпчилик Хитойга интилмоқда. Чунки Хитой жамоалари катта маблағлар сарфлаб, кучайишни бошлашди.

Эҳтимолки, кейинги 10-15 йилда Хитой терма жамоаси ҳам етарли даражада кучайиб, жаҳон чемпиони бўлиши мумкин», – дея Эрикссоннинг сўзларидан иқтибос келтиради The Guardian нашри.