Bellingcat халқаро тадқиқот гуруҳи Малайзиянинг «Боинг» MH17 самолётини Украина шарқида уриб туширган россиялик ҳарбийлар тўғрисидаги тергов ишларини чоп эттирди.

Тадқиқотчиларнинг маълумотига кўра, самолёт россиялик 53- зенит-ракета бригадаси ҳарбий хизматчилари томонидан «Бук» мосламасида уриб туширилган.

Айни бригаданинг 2-девизиони ҳарбий хизматчилари 2014 йилнинг июнь ва июль ойларида Россия-Украина чегарасида бўлганларини тасдиқловчи суратларини ижтимоий тармоқларга жойлаштирганлар.

Нашр этилган маърузада ҳарбий хизматчиларнинг сурат ва шахсий маълумотлари ўзгартирилган. Тўлиқ маълумотлар МН17 рейси ҳалокати тергов ишларини олиб бораётган Халқаро тергов гуруҳига (JIT) топширилган.

2014 йилнинг 17 июль куни Донецк вилоятида Амстердамдан Куала-Лумпурга учиб кетаётган Boeing 777 самолёти ҳалокатга учраши натижасида 298 киши дунёдан бевақт кўз юмган.

Голландия терговчилари Боинг ҳалокати ҳавода содир бўлган, кўплаб юқори энергетик объектлар таъсири доирасида тузилманинг ишдан чиқиши ҳалокатга сабаб бўлган, деган хулосани беришган эди.
Ғарб ва украиналик сиёсатчилар эса«Боинг» Украина шарқий қисмида жанг олиб бораётган сепаратистлар томонидан уриб туширилган, деб ҳисоблайдилар.